Ўзбекистонга тупроқ ва сув сифатини чуқур баҳолаш имконини берувчи замонавий технология топширилди

173

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти – Миллий тадқиқот университетига замонавий EM38-MK2 Ground Conductivity Meter – тупроқ ўтказувчанлигини ўлчаш қурилмасини тақдим этди.

Ушбу илғор технология экологик муаммоларга дуч келаётган ҳудудларда тупроқ ва сув сифатини чуқур баҳолаш имконини беради. Тадбир ФАО ва БМТ Тараққиёт дастурининг Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

– Мазкур ускуна тупроқнинг электр ўтказувчанлиги, магнит сезувчанлигини аниқ ва тез ўлчаш имконини берувчи замонавий восита бўлиб, у суғоришни илмий асосда режалаштириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экологик тиклаш чораларини белгилашда муҳим аҳамиятга эга бўлади, – деди лойиҳа миллий координатори Абдумалик Намозов.

ФАО ва Миллий тадқиқот университети ўртасидаги ҳамкорлик илмий тадқиқот ва дала кузатувларини кучайтиришга хизмат қилади. Топширилган технология, шунингдек, шўрланиш, намлик даражаси ҳамда ер ости тузилмалари ҳақида тез ва ишончли маълумотлар олиш имконини ҳам беради.

Қурилма қишлоқ хўжалиги ерларини таҳлил қилиш, умумий тупроқшунослик ва бошқа илмий изланишларда кенг қўлланиши мумкин. Олинган натижалар орқали шўрланиш, намлик миқдори ҳамда ер ости геологик тузилмалари аниқланади. Бу эса айниқса Оролбўйи минтақасида тупроқ ва сув ресурсларини ҳар томонлама баҳолашда муҳим роль ўйнайди.

ФАОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ЎзАга хабар беришича, EM38-MK2 каби замонавий диагностика воситаларининг жорий этилиши Ўзбекистоннинг экологик муаммоларга дуч келаётган ҳудудларида барқарорликни таъминлашга қаратилган, маълумотларга асосланган ечимлар сари муҳим қадамдир.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА