Тадбиркорларга кенг имконият яратилмоқда

227

Саноат соҳасидаги изчил ривожланиш, тадбиркорлик муҳитининг яхшиланиши билан юртимизда янги ишлаб чиқариш корхоналари барпо этишга катта эътибор қаратилаяпти. Бу жараён нафақат иқтисодий ўсишни таъминлаяпти, балки аҳоли бандлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Тўрткўл тумани “Оқбошли” овули ҳудудида тамал тоши қўйилган янги пахтани қайта ишлаш заводи ҳам шу мақсадда амалга оширилаётган лойиҳалардан биридир. Мазкур корхона “Usta Meretdurdi” МЧЖ раҳбари И.Байназаров ташаббуси билан барпо этиляпти. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 8 миллиард сўмни ташкил этади, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–10-сонли қарорига мувофиқ, тадбиркорга 1,5 гектар ер майдони ажратилиб, 4 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ҳам тақдим этилди. Ҳозирги пайтда қурилиш ишлари белгиланган режага асосан жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Завод қурилишининг бориши туман ҳокими ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари томонидан жойида ўрганилиб, объектда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Завод тўлиқ ишга тушгач, йилига 500 тонна пахтани қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Шунингдек, туман марказидан олисда жойлашган ҳудудда 20 нафардан зиёд маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади.


Мазкур ташаббус — юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизликни камайтириш ва қишлоқ жойларда саноат салоҳиятини ошириш борасидаги амалий қадамлардан бири ҳисобланади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги