Японияда ёзги иссиқда автомобилни салқин сақловчи технология синовдан ўтказилмоқда

186

Япониянинг Nissan компанияси автомобиль кузовини жазирама қуёшда қизиб кетишидан ҳимоя қилиш ва салонни салқин сақлашга қодир совитувчи бўёқ устида ишламоқда. Ёз кунлари кун бўйи қуёш остида турган автомобилга ўтириш ноқулайлиги деярли ҳар бир ҳайдовчига таниш. Бу муаммони ҳал этиш учун Nissan янги технологик ёндашув таклиф қилмоқда.

Оддий автомобиль бўёқлари одатда резина асосида ишлаб чиқарилади. Қуёш нурлари таъсирида бу материалдаги молекулалар тебранишни бошлайди ва натижада иссиқлик ҳосил бўлиб, автомобилнинг ички ҳарорати кескин ортади. Масалан, Аризона штати университети ва Сан-Диего тиббиёт мактаби тадқиқотларига кўра, ёз ойларида автомобиль салонидаги ҳарорат 70 даража Цельсийгача кўтарилиши мумкин.

Nissanнинг янги совитувчи бўёқ технологиясида эса икки хил микроструктурали метаматериал ишлатилган:

Биринчиси қуёш спектридаги яқин инфрақизил нурларни акс эттиради, бу эса автомобилнинг сиртига тушадиган иссиқлик миқдорини камайтиради.

Иккинчиси эса иссиқликни электромагнит тўлқинлар кўринишида атмосферадан ташқарига чиқаради, бу эса ички ҳароратнинг кўтарилишини олдини олади.

Технологиянинг афзалликлари:

Кондиционердан фойдаланиш зарурати камаяди;

Двигатель ёки электр мотор юкламаси енгиллашади;

Электр автомобиллар учун муҳим бўлган батарея сарфи қисқаради;

Ёнилғи самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Айни дамда ушбу совитувчи бўёқнинг оқ рангли версияси синовдан ўтказилмоқда. Келгусида уни бошқа рангларда ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилмоқда.

Бу технология нафақат ҳайдовчилар учун қулайлик яратади, балки экологик ва энергетик тежамкорлик нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга бўлиши кутилмоқда.

Мадинабону Насриева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА