Соҳа фидойилари муносиб рағбатлантирилди

4 август – Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташкил этилган кун муносабати билан Қўнғирот туманида жойлашган Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасининг ҳарбий қисмида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Қўнғирот тумани ҳокими Б.Мадаминов ва Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси бошлиғи полковник М.Юсуповлар сўзга чиқиб, соҳа вакилларини ушбу қутлуғ сана билан табриклади. Ўзининг самимий табригида Миллий гвардия ходимларининг тинчлик ва осойишталикни сақлаш борасидаги хизматларини алоҳида эътироф этиб, уларнинг машаққатли, лекин шарафли ишларида муваффақиятлар, куч-ғайрат тилади.

Таъкидланганидек, ушбу сана мамлакатимиз хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона хизмат қилаётган Миллий гвардия ходимлари учун шонли кун ҳисобланади.
Тадбир давомида ўз касбига садоқат билан ёндашиб, намунали хизмат қилаётган бир қатор соҳа фидойилари кўкрак нишони, фахрий ёрлиқлар, ҳарбий унвонлар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг тегишли буйруғи билан Қўнғирот тумани ҳокими Б.Мадаминов «Самарали ҳамкорлик учун» кўкрак нишони билан тақдирланди.



Байрам тадбири маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги