Болаларни овқатлантириш кузатув кенгашлари томонидан назорат қилинмоқда

254

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари Нукус шаҳридаги 27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига олиб борилиб, у ерда амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди, ташкилот мисолида давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш жараёнлари ҳақида маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимиздаги 6798 та давлат мактабгача таълим ташкилотининг 17,2 фоизида 83 та тадбиркорлик субъекти томонидан аутсорсинг усулида овқатлантириш йўлга қўйилган. Қолган 5626 та ташкилотда анъанавий (харидорлар томонидан озиқ-овқат етказиб бериш орқали) усулда овқатлантириш амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги тегишли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат мактабгача таълим ташкилотлари сони, рўйхати ва бошқа тегишли маълумотлар тайёрланди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан ҳамкорликда мавсумлар кесимида «Ягона мавсумий меню» ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Бунда давлат МТТларда «Ягона мавсумий меню» асосида озиқ-овқат харажатлари ҳисоби (натурал шаклда) «Болалар боғчаси» ахборот тизимида яратилган модуллар орқали юритилади.

Шу билан бирга, ушбу ҳисобот электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимига автоматик тарзда юборилади.

Ҳозирги вақтда ҳудудий ҳокимликлар томонидан бир тарбияланувчи учун бу йилги нархлар шакллантирилди ва бир кунлик соғлом овқатлантириш нархлари тасдиқланди.

Шунингдек, Товар-хомашё биржасининг давлат харидлари электрон тизими орқали давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича тадбиркорлик субъектлари учун эълонлар жойлаштирилган.

Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш жараёнлари давлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлар ва ота-оналар ҳамда бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат Кузатув кенгашлари аъзолари томонидан доимий равишда кузатиб борилади.

– Мактабгача таълим ташкилотимизда айни пайтда 14 та гуруҳда 397 нафар бола тарбияланмоқда. Фан, спорт, ижтимоий-маданий йўналишлар бўйича жами 5 та тўгарак фаолият юритмоқда. Бу йил ва аввалги йилларда «ташаббусли бюджет» бўйича лойиҳаларимиз билан ғолиб бўлиб, ташкилотимизда кўплаб ишлар қилиниб қолди. Футбол ва волейбол майдончаси, аттракционлар қурилиб, болаларнинг вақтини мазмунли ўтказиш учун қатор қулайликлар яратилди. Бунинг учун раҳбарларимиздан миннатдормиз, – дейди 27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Ж.Ерманова.

– Олдинги икки болам ҳозир мактабда. Ҳозирги вақтда кичкина қизим шу боғчада тарбияланмоқда. Барча фарзандларим ҳам вақтида боғчаларда тарбияланди. Болалар боғчасининг бола тарбияси учун фойдали томонлари кўп, ўқийди, расм чизади, тенгдошлари билан ўйнайди, фикр доираси кенгайиб боради. Бу боғчада болалар учун барча шароитлар яратилганидан ва қизимнинг шу боғчада тарбияланаётганидан хурсандман, – дейди С.Буриева.

Пресс-тур давомида иштирокчилар боғчадаги шароитлар билан танишиб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги