Насос станциялари самарали ишлашини таъминлаш зарур

Ўбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев томонидан ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфланишининг олдини олиш, шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида кўрилаётган чора-тадбирлар ўрганилди,-деб хабар бермоқда Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасининг Нукус–Кегейли бўлимига қарашли “Кок-ўзек” насос станциясида агрегатларни энерготежамкор насосларга алмаштириш, шунингдек, станция фаолиятини қуёш панеллари орқали электр энергияси билан таъминлаш йўли орқали тежамкорликка эришиш бўйича амалга оширилаётган ташкилий-техник тадбирлар билан танишилди.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймов ҳамда Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Н.Аралбаев насос агрегатларини энергия тежаикорига алмаштириш, бу каби кам қувватли насос агрегатларини қуёш панеллари ёрдамида ишлатиш орқали эришиладиган самарадорлик бўйича тақдимотлар қилишди.
Президентимиз томонидан 2025 йил сув хўжалигида “насослар самарадорлигини ошириш йили”, деб белгилангани таъкидланиб, насос станциялари самарали ишлашини таъминлаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди.



Шунингдек масъуллар томонидан Кегейли тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ҳисобидаги хўжаликлараро ва ички каналларни бетонлаштириш ишлари ҳам кўздан кечирилди. Жумладан, “Жузим бағ” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Даулет насос” ариғида бетонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур сув тармоғида бетонлаш ишлари якунлангач 140 гектарга яқин пахта майдонлари ҳамда 122 та хонадоннинг томорқа майдонларининг сув таъминоти яхшиланади. Сув йўқотишларни камайтиришга қаратилган бу борадаги ишларни жадаллаштириш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги