Эндиликда ўқувчилар дунёнинг Топ-100 олийгоҳларига бепул тайёрланади

166

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Президент иқтидорли фарзандлари» Миллий дастури ҳаётга кенг жорий этилмоқда. Бу салоҳиятли ёшлар орзусига қанот бағишламоқда.

Ушбу Миллий дастур нима ва унга кимлар қабул қилинади?  

Миллий дастур юртимизнинг умумтаълим мактабларида таҳсил олувчи ёшларни дунёнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга тайёрловчи лойиҳа ҳисобланиб, ҳар йили 9-синфни тамомлаб, 10-синфга ўтган ёшлар саралаш имтиҳони орқали қабул қилинади. Саралаш имтиҳони математика ва инглиз тили фанларидан тест шаклида олинади.

Дастурга республика бўйлаб жами 1 минг 500 нафар ўқувчи қабул қилинади ва қабул қилинганларга менторлар бириктирилади.

Ушбу менторлар томонидан махсус платформа орқали дарслар ташкил этилади. Дарсларда хорижнинг етакчи олийгоҳлари томонидан қўйиладиган талаблар ва ўқувчилар ушбу талабларга қандай қилиб тайёр бўлишлари тушунтирилади.

Шунингдек, Ренессанс оромгоҳида Миллий дастур аъзолари учун ҳар йили офлайн учрашувлар ва маҳорат дарслари ҳам ўтказилади. Билимли ёшларимиз учун хорижнинг нуфузли университетларига таълим саёҳатлари ташкил этилади.

Шу билан бирга дунёнинг Топ-100 талик рейтингидаги олийгоҳларга 50 фоиз  грант асосида қабул қилинган дастур иштирокчиларининг ўқиш харажатлари квота доирасида қоплаб берилади.

Энг қувонарлиси, хорижда ўқийдиган ёшлар ягона ҳамжамиятга бирлаштирилиб, юртимиз билан доимий алоқалари ва қайтгач иш билан таъминлаш ҳам йўлга қўйилади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳага Президент мактаблари ва Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаб ўқувчилари қабул қилинмайди.

Миллий дастурга жорий йил учун 27 минг 789 та ариза келиб тушган бўлиб, ушбу талабгорлардан 10 август куни республикамизнинг 13 та ҳудудида саралаш имтиҳони ўтказилади.

Н.Усмонова, ЎзА