Тошкент шаҳрида «103» бригадаларини онлайн кузатиб туриш мумкин

Республика тез тиббий ёрдам маркази томонидан илк бор “103” бригадалари ҳаракатини реал вақт режимида онлайн кузатиб бориш йўлга қўйилди.
Ушбу тажриба-синов лойиҳасига кўра, эндиликда пойтахт аҳолиси тез тиббий ёрдам бригадаларининг қаерда эканлиги ва қанча вақтда чақирув манзилига етиб боришини онлайн кузатиб туришлари мумкин.
ССВ матбуот хизматининг хабар қилишича, янги лойиҳа “Yandex Uzbekistan” компаниясининг технологик ечими асосида амалга оширилиб, “103” бригадаси ҳаракатлари браузерда электрон харита орқали, яқин келажакда эса “Yandex Go” мобиль иловаси ёрдамида кузатиб борилади. Унга кўра, “Тез ёрдам”га мурожаат қилингандан сўнг, тизим автоматик равишда бригаданинг ҳаракати реал вақт режимида кўрсатиладиган электрон харитага ҳавола орқали SMS-хабар юборади.
Лойиҳанинг кейинги босқичида фойдаланувчилар “Yandex Go” мобиль иловасидан бригаданинг жойлашуви ва унинг тахминий келиш вақти тўғрисида push-билдиришнома орқали хабардор бўлади. Қолаверса, ушбу маълумотни тўғридан-тўғри илова орқали ҳам олса бўлади.
Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуровнинг сўзларига кўра, ушбу янгилик, энг аввало, тез тиббий ёрдам тизимида шаффофликни таъминлаш ва диспетчерларнинг иш юкламасини камайтиришга хизмат қилади. Ҳозирда бу ечим Тошкент шаҳрида шошилинч чақирувлар учун амал қилади.
М.Қосимова тайёрлади, ЎзА