Ёшларнинг дам олиш марказидаги вақти фойдали ўтмоқда

ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг «Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш» бўлими томонидан «Ёш тадбиркорлар лигаси» лойиҳаси доирасида Яшил боғ МФЙда жойлашган ёшлар дам олиш марказида семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинар-тренингни ташкил этишдан асосий мақсад – ёш тадбиркорларга яратилаётган имкониятларни кенг тарғиб қилиш, уларда бизнес юритишга бўлган қизиқишни ошириш ва амалий кўникмалар беришдир.
Семинарда «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиали мутахассислари иштирок этиб, ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш бўйича муҳим билим ва маслаҳатлар берди. Шунингдек, иштирокчиларга давлат томонидан берилаётган имтиёз ва грантлар, бизнес-режа тузиш, молиявий саводхонлик каби муҳим мавзуларда маълумотлар берилди.




– Бугунги семинар мен учун ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, янги ғояларимни бизнесга айлантириш учун йўл харитаси бўлди. Келажакда олий ўқув юртида ўқиётган мутахассислигим билан бирга ўзимнинг кичик бизнесимни бошлаш ниятим ҳам пайдо бўлди. Бунинг учун семинар ташкилотчиларига миннатдорлик билдираман, – дейди семинар иштирокчиси Албина Амангелдиева.
Тадбир давомида тадбиркорларга оид қонун лойиҳалари муҳокама қилиниб, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги