Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар статистикаси

178

Мамлакатимизда инвестиция сиёсатини тубдан такомиллаштириш ва амалга ошириш жараёнида замонавий, сифатли ёндашув ва механизмларни жорий этиш, шунингдек, инвестиция жараёнини жадаллаштириш, умуман тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу чора-тадбирлар иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини жадал ривожлантириш ва модернизация қилишга хизмат қилмоқда. Инвестиция муҳитининг яхшилангани, зарур шарт-шароитларнинг яратилгани натижасида 2025 йилнинг январь-июнь ойлари якуни билан Республиканинг асосий капиталини кўпайтиришга 10 триллион 265,4 млрд. сўмдан ортиқ инвестиция киритилди, шундан хорижий инвестициялар ва кредитлар 7 триллион 47,8 млрд. сўмни ёки 545,4 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

– Қорақалпоғистон Республикасига асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 3671,8 млрд. сўми тоғ-кон саноатига, 1360,5 млрд. сўми электр, газ билан таъминлашга, 1169,2 млрд. сўми қайта ишлаш саноатига, 805,1 млрд. сўми ташиш ва сақлаш хизмат турига, 442,5 млрд. сўми қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги хизмат турларига сарфланган, – дейди Статистика бошқармаси Инвестиция ва қурилиш статистикаси бўлими бошлиғи С.Мухаматдинов.

2025 йилнинг январь-июнь ойларида умумий майдони 458,6 минг кв.м. бўлган 2474 та уй-жой қуриб топширилди. Шундан 202,6 минг кв.м. бўлган 1165 та уй-жойлар қишлоқ жойларига тўғри келади.

Мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, мавжуд ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, стратегик аҳамиятга эга бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги фаол инвестиция сиёсатини юритиш бўйича чора-тадбирлар самарали давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги