АҚШ ва Жанубий Корея янги савдо шартномасини имзолади

Томонлар Сеулнинг Америка лойиҳаларига 350 миллиард доллар сармоя киритиш ва энергия ресурсларини сотиб олиш мажбуриятини берувчи келишувни имзолади, деб ёзмоқда “РИА Новости” нашри.
Бундан ташқари, Сеул ўз бозорини Америка товарлари, жумладан, автомобиль ускуналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун тўлиқ очади.
Ҳужжатда АҚШнинг Жанубий Кореядан келадиган товарларга 15 фоизлик бож жорий қилиши ҳам кўрсатилган. Айрим бандларга кўра, америкалик етказиб берувчиларга тарифсиз фойдаланиш имконияти берилади.
Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён ушбу келишувни ижобий баҳолаб, у икки томон учун ҳам фойдали бўлишини таъкидлади. Шунингдек, корейс етакчисининг икки ҳафта ичида Оқ уйга ташриф буюриши ҳам келишиб олинган.
С.Раҳимов, ЎзА