Мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулияти янада оширилади

Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини янада оширишга ҳамда маҳсулотларни ўз ихтиёри билан чақириб олган тадбиркорларга енгиллик беришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сенаторлар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий усулларни жорий этиш орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Сенат аъзолари мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузганлик учун таъсир чораларини кучайтириш, техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотни чақириб олган тадбиркорларга енгиллик бериш механизмларини шакллантириш мақсадида қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш зарурати юзага келаётганига алоҳида тўхталиб ўтди.
Қонун билан Фуқаролик кодекси, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Стандартлаштириш тўғрисида” ва “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларга мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини оширишга ҳамда техник регламентлар ва қўлланилиши мажбурий бўлган стандартларга жавоб бермайдиган маҳсулотни чақириб олган тадбиркорликни рағбатлантиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун келгусида мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини оширишга ва истеъмолчилар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади. Тегишли талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотни чақириб олган юридик шахсларни молиявий санкциялардан озод қилиш орқали сифатсиз ва хавфли маҳсулотлар реализацияси ҳамда истеъмолини чеклашни таъминлайди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА