Дамашқ Москва билан алоқаларни янада мустаҳкамламоқчи

166

Сурия ташқи ишлар вазири Асад Ал-Шибаний Москвага ташрифи чоғида Дамашқ Россия билан яқин ҳамкорликни давом эттиришини таъкидлади. Бу Башар Ал-Асад ҳокимиятдан ағдарилгандан сўнг, янги ҳукумат аъзосининг РФга илк сафари бўлди.

Кремлга ташриф буюрган Ал-Шибаний президент Владимир Путин билан учрашиб, Россияни “ўтиш давридаги адолат” жараёнида Дамашқни қўллаб-қувватлашга чақирди.

РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Сурия халқига “барқарорликни тиклаш ва барча муаммоларни енгиб ўтишда” ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Қолаверса, янги ҳукуматнинг рус фуқаролари ва объектларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрган чораларини юқори баҳолади.

Суҳбат давомида Ал-Шибаний Исроилнинг Сурия ички ишларига аралашувини танқид қилиб, бу “ички муросага эришиш жараёнини мураккаблаштиради” деди.

Маълумки, РФ Сурия қирғоқларида ҳаво ва денгиз базаларини сақлаб қолмоқда ҳамда Дамашққа нефть етказиб беришда давом этмоқда. Музокараларда икки давлат мудофаа вазирлари ҳам иштирок этиб, ҳарбий ҳамкорлик ва Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилишди.

Мусулмон Зиё, ЎзА