Британияда янги қонун: Украина ва Ғазо ҳақидаги постлар блокланмоқда

153

“BBC” маълумотларига кўра, Буюк Британияда янги кучга кирган киберхавфсизлик тўғрисидаги қонун туфайли ўлкада ижтимоий тармоқлар, жумладан,“Х” (собиқ Twitter) ва “Reddit” Украина ва Ғазо ҳақидаги контентларни чеклашни бошлади.

Қизиқ жиҳати, мазкур ҳужжатга амал қилиш жараёнида жамоатчилик учун муҳим бўлган контентларнинг блокланаётгани танқид қилинмоқда. Масалан, Киевдаги дрон ҳужумини кўрсатувчи видео ёки Ғазодаги вайроналар орасидан оила аъзоларини излаётган эркак ҳақидаги постлар ҳатто зўравонлик тасвирлари бўлмаган тақдирда ҳам чекланган.

Мутахассислар ахборот компаниялари қонунни ҳаддан ташқари қўллаб, сиёсий баҳсларни ҳам “хавфли контент” сифатида блоклаши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Оксфорд университети профессори Сандра Вахтер буни “жамоатчилик манфаатидаги фактларни бостириш хавфи” деб атади.

“Х” эгаси Илон Маск ҳам бу ҳолатни кескин танқид қилиб, “халқни бўғиш учун мўлжалланган” дея баҳолаган. “Reddit” ва бошқа платформалар маъмуриятлари фармонни тўғри бажариш механизмларини ишлаб чиқишга вақт кераклигини билдирди.

Янги лойиҳа айрим зарарли материалларни чеклашда самарали бўлгани кўрсатилмоқда, бироқ экспертлар сиёсий ва ижтимоий мазмундаги постларни тўғри баҳолаш янада мураккаблашаётганини таъкидламоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА