АҚШ матбуотида Ўзбекистон глобал майдоннинг ишончли платформаси сифатида эътироф этилди

125

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги делегация иштирокида АҚШ Конгрессида “Ўзбекистон куни” тадбири муваффақиятли ташкил этилган эди.

Тадбирда АҚШ Конгресси депутатлари, Давлат департаменти вa Мудофаа вазирлиги вакиллари, сиёсатшунослар, бизнес вa ҳамкорлик соҳаси бўйича экспертлар қатнашди. Ушбу тадбир иқтисодий, маданий ва хавфсизлик соҳаларида Ўзбекистон вa АҚШ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди.

Мазкур тадбир АҚШ матбуотида кенг ёритилди. Хусусан, “Diplomatic Watch” ҳамда “The Times of Central Asia” каби нуфузли халқаро нашрларда “Ўзбекистон куни” ҳақида батафсил репортаж эълон қилинган.

Матбуотда тадбирнинг аҳамияти, икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг янги босқичи, ҳамкорликнинг салоҳияти вa АҚШ сиёсий доираларининг Ўзбекистонга бўлган ишончи тобора мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида қайд этилган.

“Ўзбекистон куни” тадбири Ўзбекистон вa АҚШ ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаб, дипломатик, сиёсий, иқтисодий вa маданий соҳаларда шерикликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланган.

Бугунги кунда Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёнинг, балки глобал майдоннинг ишончли платформаси вa ҳамкори сифатида эътироф этилган.

Н.Абдураимова, ЎзА