Юртимизда автотранспорт воситаларини темир йўл платформаларида ташиш йўлга қўйилади

Ўзбекистонда илк бор контрейлер, жумладан, автотранспорт воситаларини темир йўл платформаларида ташиш бўйича амалиёт синови муваффақиятли ўтказилди. Мазкур лойиҳа Тошкент давлат транспорт университети олимлари томонидан амалга оширилди.
Маълумотларга кўра, лойиҳа экологик тоза, самарали ва интеллектуал юк ташиш тизимига йўл очмоқда.

Синов доирасида Тошкент шаҳри ичидаги юк оқими таҳлил қилинди ва бу шаҳар ичида, минтақавий даражада янги мультимодал логистика ечимларини жорий этиш имконини яратмоқда. Ташиш жараёнида янгича мустаҳкамлаш қурилмаси қўлланилди. У автотранспортни темир йўл платформасига тез ва хавфсиз жойлаштириш ҳамда ташишдаги ишончлиликни таъминлашга хизмат қилади.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилган бўлиб, миллий транспорт тизимида экологик тоза ва замонавий технологияларни жорий этиш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.
Бу тизим автомобиль йўлларида тирбандликни камайтириш, атмосферага чиқариладиган СО₂ миқдорини қисқартиришга, ёқилғи ва эксплуатация харажатларини тежаш ҳамда логистика самарадорлигини ошириш каби жараёнларни енгиллаштиради.
Шунингдек, ушбу тажриба юртимизда “яшил” транспорт концепциясини ҳаётга татбиқ этиш, интеллектуал ва барқарор юк ташиш инфратузилмасини ривожлантириш сари ташланган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА