Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилади

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида “Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Мажлисда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйиш орқали аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш чора-тадбирлари амалга оширилаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, ташқи бозорларга талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш орқали экспорт кўламини кенгайтириш, айниқса, ерлардан унумли фойдаланиш имкониятини ошириш зарурати юзага келмоқда.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳамда Солиқ кодексига қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчиларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофида қонунчиликка мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш белгиланган майдонларида ва муддатларда мақбул экин экмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш ҳамда ер участкасининг мақбул экин экилмаган қисми учун ер солиғини оширилган миқдорда ҳисоблашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни самарали ташкил этиш ҳамда кўпайтириш орқали мамлакатнинг экспорт кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилади.

Қонунни экспертлар ва мутахассислар иштирокида яна бир бор таҳлил қилиш, тегишли вазирлик ва идораларнинг таклиф, мулоҳазаларини олиш ҳамда умумлаштиришга келишиб олди.
Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари учун ўқув семинари ҳам ўтказилди. Унда доимий комиссияларнинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг асосий йўналишлари бўйича режаларни белгилаш, ваколатлари доирасида муҳим масалаларни муҳокама қилиш ва аниқ натижаларга эришиш бўйича тажриба алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА