Товарларнинг кодини ўзгартириб божхона тўловларидан қочиб қутула олмади

145

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ва Божхона аудити сектори ходимлари томонидан автоматлаштирилган ахборот тизимларида расмийлаштирилган божхона юк декларациялари назорат тартибида қайта ўрганилиб, ҳудудда фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига Қозоғистон Республикасидан олиб келинган «юк ташувчи самосвал» товарининг ҳужжатлари текширилди.

Натижада, ушбу юк автотранспорт воситасини таснифловчи ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси (ТИФ ТН) бўйича товар коди шубҳа уйғотиб, бошқарманинг ТИФ ТН нотариф тартибга солиш тузилмаси томонидан экспертизадан ўтказилди.

Гумон қилинганидек, кўриб чиқилаётган транспорт воситаси катта ҳажмдаги юкларни ташишга мўлжалланган автотранспорт воситаси бўлиб, унинг ТИФ ТН бўйича таснифлаш кодлари ҳужжатларда кўрсатилганидан фарқ қилиши тасдиқланди. Натижада, ушбу МЧЖга 1 млрд. 493 млн. сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, давлат бюджетига ундирилиши таъминланди.

Қорақалпоғистонлик божхоначилар томонидан товар кодлари билан боғлиқ аниқланган навбатдаги ҳолатда эса, олиб келинган 2 дона «Пикап» русумли автотранспорт воситаси ҳужжатларда бошқа товар коди орқали таснифланганлиги фош этилди.

Натижада ушбу автотранспорт воситаларига 489 миллион сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги