Тиббиётда ахборот тизимлари такомиллаштирилмоқда

Нукус туманида тиббиёт соҳасини рақамлаштириш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, тумандаги тиббиёт бирлашмасида «Электрон поликлиника» ва «Электрон шифохона» ахборот тизимлари такомиллаштирилиб, «Ягона тиббиёт тизими» яратилди.

Тизимнинг жорий этилиши ҳисобига, илгари бемор шифокор қабулида 40 дақиқа кутган бўлса, шифокорга онлайн ёзилиш орқали кутиш вақти 10 дақиқага тушди ва Dmed мобил платформаси орқали уйда ўтирган ҳолда шифокор қабулига навбатга ёзилиш мумкин.
Беморларнинг поликлиникага келиши натижасида тўпланадиган тиббий маълумотларни электрон шаклда сақлаш имконияти яратилди. Яъни топширган таҳлилларининг хулосасини бемор электрон дастур орқали олиш имкониятига эга.

Тизим Давлат персоналлаштириш маркази, МИС-2 ва Электрон ҳукумат платформалари билан интеграция қилинди. Фуқаронинг юзини аниқлаш дастурлари орқали дарҳол хизмат кўрсатиш режимига ўтилиб, исталган тиббиёт муассасасига бемор ҳақидаги тиббий маълумотларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилди.

Юртимизда тиббиёт соҳасида яратилаётган бу замонавий имкониятлар ортиқча оворагарчиликни камайтиришга асос бўлиши аниқ.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги