Касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди

Жорий йил 8-июль кунидан бошлаб Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2025-2026-ўқув йили учун қабул жараёнида бакалавриатнинг алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларида касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.

Жисмоний маданият, мусиқа таълими, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишлари бўйича ўтказилаётган имтиҳонларнинг белгиланган талаблар асосида адолатли ва шаффоф ўтиши депутатлар, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, тегишли вазирлик ва ташкилотлардан бириктирилган вакиллар томонидан назорат қилинмоқда.

Имтиҳонларнинг бориши интернет тармоғи орқали ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакилларига тўғридан-тўғри олиб кўрсатилмоқда.

Абитуриентларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш учун Ўзбекистоннинг турли таълим муассасаларидан, хусусан, Ўзбекистон миллий педагогика университети, Жиззах ва Чирчиқ давлат педагогика университетлари, шунингдек, Урганч, Бухоро, Термиз давлат педагогика институтларидан тажрибали профессор-ўқитувчилар ҳамда мутахассислар бириктирилган бўлиб, улар томонидан ҳар бир абитуриентнинг тайёргарлиги холисона баҳоланиб, тўплаган баллари дарҳол маълум қилинмоқда.

– Бугун набирам институтнинг жисмоний маданият таълим йўналишига амалий имтиҳон топширяпти. Ўзим шу институтни битириб, ўқитувчи бўлиб ишладим. Мана, бугун институтга келиб, бу ердаги ўзгаришларни, яратилган шароитларни кўриб кўнглим тўлди. Имтиҳон жараёнлари қандай ўтаётганини очиқ, бевосита кузатиб турибмиз,-дейди Чимбой туманидан келган М.Балтабаева.

Маълумот учун, жорий йилда Нукус давлат педагогика институтида бакалавриатнинг жисмоний тарбия, мусиқа таълими, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишлари бўйича 500 дан ортиқ абитуриентлар касбий (ижодий) имтиҳонларини топшириши кутилмоқда.

Институтда касбий (ижодий) имтиҳонлар жорий йилнинг 11-июль кунига қадар давом этади.


Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.