26-мактаб учун қўшимча ўқув корпуси қурилмоқда

Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг махсус фармон ва қарорларига мувофиқ, бугунги кунда республикамизда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, шаҳар ва туманлардаги умумтаълим мактабларида ҳам бу борада амалга оширилаётган ишлар қизғин давом этмоқда.
Нукус шаҳридаги Қумбиз маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 26-сонли умумий ўрта таълим мактаби 535 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда унда 858 нафар ўқувчи таълим олмоқда. 2024-2025 ўқув йили якунига кўра ушбу мактабда 37 та синф бўлиб, жами 86 нафар педагог ходим ўқувчиларга билим сирларини ўргатди.

– Юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш тадбирларининг бир қисми ўтган йили мактабимизда ҳам амалга оширилиб, ўша йили март ойида «Ташаббусли бюджет» танловида 1 миллиард 200 миллион сўмлик лойиҳамиз билан ғолиб бўлдик. Ушбу маблағларга мактаб ёнида волейбол, мини-футбол, баскетбол ва болалар машғулот майдончаси қурилди, – дейди мактаб директори Пердехон Полвонова. – Бу объектлар ўтган 2024-2025 ўқув йили олдидан фойдаланишга топширилди.
Мактабдаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари бу билан тўхтаб қолгани йўқ. Ҳудуд аҳолисининг талаби билан мактабимизнинг кўча томонидаги тўсиқ бузилиб, кўча четидан пиёдалар йўлаги ётқизилди. Энди соҳа раҳбарлари, ҳокимлик билан маслаҳатлашиб, деворни ичкарироқдан қайта қуриш, атрофини ободонлаштириш бўйича ишларни бошлашни режалаштиряпмиз.

Яқинда, яъни жорий йилнинг май ойида мактабимизда ўқувчилар белгиланган миқдордан кўплиги, синф хоналарининг етишмаслиги сабабли, унинг асосий биносига қўшимча равишда умумий майдони 15548,2 квадрат метрлик, 3 қаватли, 330 ўринли янги бинони қуриш бўйича ишлар бошланди. Ушбу бинога буюртмачи «INFRATUZILMANI RIVOJLANTIRISH INJINIRING KOMPANIYASI» давлат корхонаси бўлиб, қурилиш ишлари пудратчи корхона «Амударё махсус қурилиш» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Объектнинг умумий смета қиймати 3 миллиард 782 миллион 996 минг сўмни ташкил этади.
Ҳозирда бинонинг биринчи қавати тўлиқ қазилиб, бетон ишлари олиб борилмоқда. Ушбу иншоот тўлиқ равишда шу йилнинг август ойида қуриб битказилиши режалаштирилган.

Албатта, мактабларда яратилаётган бундай шароитлар ўқитувчилар учун ҳам, ўқувчилар учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очиб беради.
Шу ўринда 2024-2025-ўқув йилида мактабимиз ўқувчилари ўқитувчиларининг берган билимлари туфайли қатор ютуқларга эришганини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Бу ўқув йилида мактабимиз PISA-2025 халқаро танловига кириб, унда мактабимиздан 15 ёшли ўқувчиларимиз фаол иштирок этди. Жорий йил 9 апрель куни 15 ёшли ўқувчилар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказилган «Билимдан ўқувчилар» танловининг 1-2 босқичида иштирок этиб, ўқувчиларимиз юқори кўрсаткичларга эришди. Ўқувчиларимиз ўтказилаётган турли фан олимпиадалари ва танловларда ҳам ғолиблар сафидан жой олмоқда.

Албатта, Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан яратилаётган шароитлар, ўқитувчиларимизнинг фидойилиги ютуқларимизни янада кўпайтираверади, деб ишонамиз.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.