«Узункўл»да 3160 хонадоннинг газ таъминоти яхшиланади

370

Айни пайтда газ таъминоти соҳаси мутахассислари барча эътиборни куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига қаратмоқда.

Республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидаги газ таъминоти бўлимлари ва филиалнинг Қурилиш-монтаж бошқармаси мутахассислари газ тармоқларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва ер ости газ тармоқларини ер устига чиқариш ишларини белгиланган режа асосида олиб бормоқда.

Нукус тумани Узикул маҳалла фуқаролар йиғинидаги Оқманғит гузари кўчаси бўйлаб жойлашган 1,2 километр узунликдаги д-273 мм.лик ер ости газ тармоқларини ер устига чиқариш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, тумандаги газ тармоқларини 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича 4,1 километрлик газ тармоқларини реконструкция қилиш, 138 та газ тақсимлаш пунктларини текшириш, тафтиш қилиш, 60 километрлик газ тармоқларини ҳаво босими остида синаш ва тозалаш, 15,3 километрлик ер ости газ тармоқларининг ҳолатини текшириш ва 30 километрлик газ тармоқларини бўяш ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Бу олиб борилаётган куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларидан сўнг тумандаги 3160 хўжаликнинг газ таъминоти яхшиланиши кўзда тутилган.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.