Кунжут ва мош етиштиришга давлат ёрдами

435

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 майдаги 331-сонли қарори Қорақалпоғистон Республикасида кунжут ва мош экинларини етиштириш тизимини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутмоқда, – деб хабар бермоқда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Хусусан, Хўжайли туманидаги Саричунгил овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Кийик мерган» фермер хўжалиги ушбу қарор асосида 60 гектар майдонга мош экиб, имтиёзли тарзда 6 ой муддат билан 265 миллион сўмлик кредит олди.

Фермер Турсинбой Худайбергеновнинг таъкидлашича, илгари бундай имтиёзли шароитлар бўлмаган. Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори Қорақалпоғистонлик фермерлар учун муҳим қувончли хабар бўлди. Фермер Президентимизга ўз миннатдорлигини билдирди.

Ушбу қарор Қорақалпоғистонлик фермерлар учун янги имкониятлар яратиб, кунжут ва мош каби қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришни рағбатлантиради.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 декабрдаги ПҚ–52-сон қарорига мувофиқ фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга — мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли, мойли ва шоли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 январдаги ПФ-10-сон фармонида мазкур кредитлар Қорақалпоғистон Республикасида устувор равишда кунжут ва мош етиштириш учун суғурта таъминоти билан гаровсиз ажратилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 майдаги 331-сон қарорига мувофиқ кунжут ва мош экинларини етиштиришда:

“Agroplatforma” ахборот тизими орқали имтиёзли кредитларни ажратишда тупроқнинг бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорлик гектарига 0,27 центнерни ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан эълон қилинадиган кунжут ва мош экиннинг тавсиявий сотиш нархлари имтиёзли кредитларни ажратишда ҳосил қиймати сифатида қабул қилинади.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги