Меҳнат қилсанг эринмай, қорнинг тўяр тиланмай

439

Темир йўл гузари маҳалла фуқаролар йиғини Чимбой шаҳрининг шимоли-шарқий томонида жойлашган аҳоли пункти бўлиб, ҳудуд аҳолиси асосан ҳунармандчилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. 11,3 гектар томорқа ерларига эга ушбу маҳалла ҳудудида боғдорчилик, темирчилик, кулолчилик ва дурадгорлик билан шуғулланувчилар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Шулардан бири Рейим Ережепов.11 сотих томорқа ерига мева ва узум кўчатларининг ҳар хил турларини эккан у, ўзининг ибратли иши билан кўпчиликка намуна бўлиб юрибди.

– Илгари кўп йиллар давомида мактабда физика фани ўқитувчиси бўлиб ишладим, – дейди у. Физика фани ҳам табиатга оид фан бўлгани учун мен табиий ҳодисаларни кўпроқ кузатиб, ўсимликларнинг ўсиши ва унинг ривожланишига эътибор қаратиб, бу бўйича ўзимча тажрибалар ўтказаман. Мен бу ерга 2017 йилда янги уй қуриб кўчиб келдим. Бу ер илгари экинзорлардан чиқиб қолган, партов ер эди. Одам қўли гул дегандай, пенсияга чиққандан сўнг, ҳовли томорқамни экинзорга айлантириб, унга олма, нок, узум, олхўри, ўрик, шафтоли ва узум кўчатларини экиб, дарахтлар орасида сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштириб келмоқдаман. Ҳозирча томорқадан катта даромад топмасак-да, ўғил-қизларим, невараларим ва қариндош-уруғларимни табиий тоза мева-чевалар билан боқяпман. Қўшни-қўшнидан таълим олади деганларидек,  қўшниларим ҳам мен билан тажриба алмашиб, ўзларининг томорқаларидан самарали фойдаланиб келмоқда.

-Илгари шу ҳудудда «Шўнақ қишлоғи» деган қишлоқ бўлган,-дейди шу кўча аҳолиси Турғанбой Ережепов.-Собиқ иттифоқ тарқалгандан сўнг бу ерлар экинзорлардан чиқиб, туман аҳолисига турар-жой қуриши учун планга берилиб кетди. Бизлар ҳам шу ердан план олиб, янгидан уй қуриб олдик. 2001 йилда Нукус давлат педагогика институтини тамомлаб, 2016 йилгача мактаб ва коллежларда ўқитувчи бўлиб ишладим. Кейинчалик темирчилик ва дурадгорлик билан шуғулланиб кетдим. Азалдан деҳқончилик ота касб бўлгани учун, уй олдига ҳар хил мева кўчатларини экиб, ундан мўл ҳосил олиб келмоқдамиз. Шу билан бирга, замон талабидан келиб чиқиб, уй олдида сунъий ҳовуз қаздим ва унда балиқ кўпайтиряпман. Темирчиликка ҳам қобилиятимиз бўлгани учун, қўлимиз бўшаганда, ресторан ва кафелар учун темир ва рутендан ҳар хил стол ва стулчалар ясаб, халққа хизмат кўрсатяпмиз. Ҳозир бизнинг ишлаб чиқарган маҳсулотларимизга туманимиздан ташқари, Бўзатов ва Қораўзак туманларидан ҳам талаб кучли.

– Маҳалла ҳудудида ҳунармандчилик жадал ривожланиб, ёшлар ўртасида миллий ҳунарларимизни кенг тарғиб этиб, уларни келажак авлодларимизга ҳам ўргатиб боришга ҳам эътибор қаратяпмиз, – дейди Темир йўл маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустем Қозоқбоев.

-1986 йили устозим Сарсенбой оға Юсуповга шогирд тушиб, 1992 йилгача кулолчиликнинг турли сирларини ўргандим, – дейди машҳур уста Қўшқорбой Давлатов. Ҳар йили мавсум давомида ўртача 250-300 та тандир ясаб, оиламизни ўзимизнинг ҳалол пешона теримиз билан боқяпмиз. Лой ишининг ўзига яраша машаққати бўлганлиги сабабли, ҳозирги ёшлар бу ишларга унча қўл уравермайди. Лекин, ҳудудимизда бу санъатга қизиқувчилар ҳам кўп. Ҳозирги кунгача 30 дан ортиқ йигитлар менга шогирд тушиб, тандир ясашни ўрганиб кетди. Айни кунларда эса, уйда 3 нафар ёшни тарбиялаб, уларга тандир тайёрлаш сирларини ўргатяпман.

Ҳақиқатан ҳам меҳнатнинг таги роҳат деганларидек, йиғин аҳолиси замон талабидан келиб чиқиб, халққа сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Бунда уларга ўз фарзандлари билан бирга, умр йўлдошлари ҳам мададкор бўлиб, халқнинг фаровон турмуш кечириши йўлида беминнат хизмат қилмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.