Ички бозорга сифатли эшиклар етказиб берилмоқда

507

Мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар, тадбиркорларга яратилган имкониятлар натижасида яхши натижаларга эришилмоқда. Президентимиз томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қарор ва фармонлари асосида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг муваффақиятларини кўриб кўзимиз қувонади. Энг асосийси улар халқимизга хизмат қилиб, олқишини олмоқда.

Тахиатош туманида фаолият юритаётган эшик ишлаб чиқариш мажмуасида тўрт нафар тадбиркор иш олиб бормоқда. Шулардан бири «Хўжа нақшлари» масъулияти чекланган жамияти халқимизга ички эшик ва ташқи темир эшиклар ҳамда темир дарвозаларни ишлаб чиқармоқда.

– Банкдан имтиёзли кредит олиб иш бошлаганимизга олти йил бўлди. Ўн киши иш билан таъминланган. Асосан буюртма бўйича эшик ишлаб чиқарамиз. Шунингдек, бозордаги савдо нуқталарига ҳам маҳсулотларимизни чиқарамиз. Турли услубдаги эшикларни ишлаб чиқараётган бўлсак, сўнгги модадаги ҳайтак шаклидаги эшикларга аҳолининг қизиқиши кучли бўлмоқда. Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан мамнунмиз. Бу имтиёзлар бизга ишларимизнинг янада ривожланишига имкониятлар яратмоқда, – дейди корхона иш юритувчиси Рашид Жумамбетов.

Ишлаб чиқариш қизғин олиб борилаётган бу ерда биронта ҳам бўш юрган ишчини учратмайсан. Уларнинг ҳар бири иш билан банд бўлиб, эшикларнинг тезроқ битиб, харидор қўлига сифатли бўлиб етиб боришига ҳаракат қилмоқда.

– Корхонамизда ўн беш киши иш билан таъминланган. Маҳсулотларимизни асосан ички бозорга сотяпмиз. Энг арзон эшикларимиз 400 минг бўлса, қиммати 600 минг миқдорида. Маҳсулотларимизни бозорга чиқариш билан бирга харидорлар буюртмаси бўйича ҳам иш олиб боряпмиз. Даромадимиз ёмон эмас. Ойликларимизни ҳам вақтида оляпмиз, – дейди «Ramazan-Gulnaz» МЧЖ ишчиси Бекболат Нуримбетов.

Бу ерда фаолият юритаётган ишчиларнинг ҳар бири билан суҳбатлашсанг, уларнинг ўз касбига бўлган муҳаббатига гувоҳ бўласан. Демак, бу ердаги тадбиркор билан ишчиларнинг бир мақсадда иш олиб бориши орқали яхши натижаларга эришиши аҳолига хизмат ва оиласига мўл даромад бўлиб қайтмоқда.

Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги