Божхона янги ўзгаришларни маълум қилди

299

Бугун, яъни 2025 йил 2 июль санасидан бошлаб божхона чегараларини кесиб ўтаётган фуқаролар томонидан йўловчи божхона декларацияси янгиланган форматдаги бланкаларга тўлдирилади, – деб божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, «Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тўғрисида»ги қўлланма (йўриқнома) га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Янги турдаги йўловчи божхона декларацияси илгариги шаклларидан профилактик ва ахборот аҳамиятига эгалиги билан ажралиб туради.

Унда мамлакатимиз ҳудудига товарларни божсиз олиб кириш ва ундан божсиз олиб чиқиш меъёрлари, миллий ва хорижий валютани резидент ва норезидентлар томонидан олиб ўтиш тартиби, тақиқланган товарлар рўйхати ҳам келтирилган.

Энди, йўловчиларнинг божхона назоратидан амалдаги қонунчилик талаблари асосида ўтиши талаб этилади.

Бошқарма қонунчиликни билмаслик жавобгарликдан озод этмаслигини ва олиб кириш меъёрлари доирасидан ошган товарларни декларация қилмаслик жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини огоҳлантиради.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.