Аҳоли турмушини яхшилаш бўйича ишлар кўздан кечирилди

237

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Қонликўл туманида аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, қўшимча даромад олишига кўмаклашиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Дастлаб, Ўрмон хўжалиги питомнигида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Шундан сўнг Бешкўпир ОФЙ ҳудудида ёшларга ажратилган ер майдонлари, шунингдек, «Агробанк» АЖ томонидан ташкил этилган «Бир контур – бир маҳсулот» мезони асосида ташкил этилган ишлар бориб кўрилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси Арзимбетқум ОФЙдаги томорқасидан самарали фойдаланаётган С.Ўтепбергеновнинг ва уй шароитида хизмат кўрсатишни йўлга қўйган М.Сарсенбаеванинг хонадонида бўлиб, озгина ерни мўл даромад манбаига айлантириш бўйича ташкил этилган ишлар билан танишди. Бундай ишларни қишлоқ аҳолиси ўртасида янада кенг ёйиш кераклиги таъкидланди.

Бундан сўнг Жўқорғи Кенгес Раиси Маданият МФЙдаги кўча оқсоқоллари билан учрашди. Уларнинг тилак-илтимосларини тинглади. Муаммоларни белгилаб олиб, тез фурсатда ечимини топиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Туман ҳудудидаги «Mebel Gold Jasmina» МЧЖ томонидан мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳамда «ABDIMURATOV TAZABAY» МЧЖнинг қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳам кўздан кечирилди. Бундан ташқари, «LAN-S» корхонаси фаолияти ҳам ўрганилди. Тадбиркорларни доимо қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз фаолиятини янада ривожлантириши учун барча кўмакларни кўрсатиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси туман марказидаги масофавий хизмат кўрсатувчи ВРО маркази билан ҳам яқиндан танишиб, рақамлаштириш ва ахборот технологияларининг ҳаётимизда аҳамияти ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев Қонликўл туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Унда туманни ҳар томонлама ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва бошқа ишларнинг бажарилиши кўриб чиқилди.

Йиғилишда давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар, автомобиль йўллари бўйларини тартибга келтириш ва ободонлаштириш, яшил энергия қурилмаларини ўрнатиш, маҳаллаларни ободонлаштириш, махсус қарорлар бўйича белгиланган вазифалар ижроси ва бошқа масалалар танқидий таҳлил қилинди.

Хусусан, ички йўлларни таъмирлаш, оғир маҳаллаларни ободонлаштириш, қурилиш соҳаси, камбағаллик реестрига киритилган оилалар билан ишлаш, томорқалардан самарали фойдаланиш, ёшлар ва ишсиз фуқаролар учун ажратилган ер майдонларида экин ишларини ташкил этиш каби қатор масалаларда камчиликларга йўл қўйилмоқда. Йиғилишда шу каби муаммолар, йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Ўтказилган йиғилиш давомида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, аниқ топшириқлар берилди ҳамда ўз вазифасини бажаришга лоқайдлик билан қараётган раҳбарларга интизомий жазо чорасини қўллаш ва зарур бўлса, лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.