Оддий таксичиликдан тадбиркорлик сари

ЎзЛиДеП партияси халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Гавҳар Реджепова «Бўз овул» МФЙда бўлиб, маҳалланинг аёл-қизлари ва ёшлари ҳақида маълумотлар олиб, уларнинг муаммоларини ўрганди. Шунингдек, муаммоларни ҳал этиш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва профилактик ҳисобда турувчи ёшлар билан ишлаш, уларнинг бўш вақтларида тил ўрганиш ва компьютер курсларига қамраб олиш бўйича маҳалла фаолларига ўз тавсияларини берди.
«Депутат ва ёшлар» лойиҳаси доирасида ЎзЛиДеП партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг ёшлар қанотининг бизнесга қизиқувчи ёшлари ва «Бўз овул» МФЙ ёшлари билан биргаликда ушбу маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган тадбиркорлик объектларига саёҳат ташкил этилди.


Бизнес саёҳатнинг биринчи манзили ўз фаолиятини 2020 йилда бошлаган ҳунарманд Рано Бердибаеванинг тикув цехи бўлди. Рано опа шу ҳудуддаги 7 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаб, ногиронлиги бўлган қиз-келинларни ҳам тикувчиликка ўргатиб, бандлигини таъминлашга кўмаклашиб келаётган маҳалланинг фаол аёлларидан бири.

Депутат ёшлар билан суҳбатда тадбиркорлик асослари, машаққатлари ва унинг ортидан келадиган яхши даромадли натижа ҳақида сўзлаб берди. Аҳамиятлиси, бу тикувчилик цехига ўрганаман деб келган ёшларга бепул ҳунар ўргатиб, уларга ўзига келган буюртмалардан бериб, тиккан чокларига ҳатто қўл ҳақи ҳам беришини айтиб ўтди ҳунарманд, Раъно Бердибоева.
Шунингдек, маҳалланинг ёш тадбиркори «Бўз овул маҳалла универсал сервис компанияси» МЧЖ асосчиси «Бўз овул» маҳалласидаги 10 га яқин кам таъминланган инсонларнинг бандлигини таъминлаб, уларнинг ҳунарли бўлиб, оиласига даромад олиб киришига сабаб бўлиб келаётган ёш тадбиркор Рашид Қалбаев ёшларга ўзининг бизнесга кириб келиш тарихи ва бу соҳадаги тажрибалари ҳақида сўзлаб берди.

– Мен чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланадиган оилада тарбияланганман. Бизнес билан шуғулланган яқинларим бўлмаган. Бўш вақтимда такси ҳайдаб Нукус шаҳрининг кўп жойларини айланиб танишиб чиққанман. Ўзим яшайдиган ҳудуддан ушбу бизнесни бошлашни ният қилдим ва 2020 йилда тадбиркорликка қўл урдим. Бошида албатта қийинчиликлар бўлди, лекин ҳозир ҳаммаси яхши. Ҳозир 31 ёшдаман, мақсадим ҳали ҳам ўз ишимни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш. Ёшларга айтарим, бир ишни бошладингизми ҳеч қачон уни ярим йўлда ташлаб кетманг, – дейди тадбиркор Рашид Қалбоев.
– Бугун партия фаоллари бошчилигида тадбиркорлик субъектларига бориб, тадбиркорлар фаолияти, ишлаб чиқариш объектлари билан танишдик. Айниқса, уларнинг бизнесни бошлаш тарихи менда катта қизиқиш уйғотди. Бир ишни бошламасдан олдин, у иш ҳақида маълумот тўплаб, таҳлил қилиш кераклигини тушундим. Бугунги саёҳат менга келажакда ўз ишимни бошлашда яхши мактаб бўлди, – дейди Элмира Жонузоқова.
Амангул ЕСЕМУРАТОВА,
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Жамоатчилик билан алоқалар,
ахборот сиёсати ва мафкуравий ишлар бўлими бошлиғи
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги