Ёшларга давлат даражасидаги эътиборнинг ифодаси

358

Муносабат

Бугунги кунда ёшлар ҳар қандай жамиятнинг келажагини белгилаб берадиган муҳим ижтимоий куч сифатида эътироф этилмоқда. Мамлакатимизда ҳам ёшларга қаратилган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ёшлар билан учрашуви муҳим воқеа сифатида тарихга кирди. Ушбу учрашувда мамлакатимиз етакчиси ёшлар ҳаётининг барча жабҳаларига тўхталди – таълим, тадбиркорлик, санъат, спорт, IТ ва ижтимоий фаоллик каби йўналишлар марказий ўринни эгаллади.

Президент ўз нутқида ёшларга шундай деди: «Бизга билимли, ташаббускор, ватанига содиқ, дунёқараши кенг ва замонавий ёшлар керак. Янги Ўзбекистонни сизлар билан қурамиз.» Бу сўзлар Президентнинг ёшларга бўлган ишончини ифодалаб, ўз навбатида, уларнинг зиммасига катта масъулият юклашини англатади.

Юртимизда турли соҳаларда эришилаётган натижалар кишини қувонтиради. Оддий бир мисол, яқинда футбол бўйича миллий терма жамоамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Халқимизнинг неча йиллик орзуларини рўёбга чиқарди. Бу эса юртимизда спортга, ёшларга бўлган эътибор натижасидир. Ёшларимизга яратилган бундай имкониятлар, ҳеч шубҳасиз, эртанги куни мамлакатимиз тараққиёти учун инвестиция вазифасини ўтайди. Шунингдек, мактабларда ўқувчилар учун «Маҳорат ва бизнес соати» жорий этилиб, уларнинг ғоясини стартапга айлантиришга 100 миллиард сўм грант йўналтирилади.

Энди, оддий мактаб ўқувчиларининг ўзларининг янги лойиҳалари, инновацион ғояларини амалга ошириш имконият эшиклари очилади. Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича банк-молия, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетикани устувор йўналиш сифатида белгилаб, 100 та лойиҳа амалга оширилади. Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда «Бир миллион сунъий интеллект етакчилари» дастури ишга туширилади. Мамлакатимизнинг ёшларга оид сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Ёшлар – 2030» стратегиясини фаол амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирди. Ёшлар тараққиёти индексида мамлакатимиз бу борада энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлат, деб топилди. Билдирилган ишончларнинг натижасини оддий сўзлар билан эмас, рақамлар билан ифодалаш мумкин бўлса, ўтган йили юртимиз ёшлари топ-500 та олийгоҳга кириш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади, 30 нафар ёш дунёнинг топ-10, 500 нафари топ-100, 1500 нафари топ-300 университетларида таҳсил олаётгани ҳам бунга мисол. Бу – катта натижа.

Президент ёшларимизнинг аждодларга, уларнинг дунёга кўрсатган салоҳиятига муносиб йўл тутишига ишонади. Ёшлар билан учрашувда таъкидланганидек, «Биз ёшларимиз учун шароит яратдик, улар бундан унумли фойдаланиб, юксак чўққиларни забт этмоқда. Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда,» дея таъкидлади мамлакатимиз етакчиси Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг бу йилги Ёшлар кунидаги нутқи нафақат байрам муносабати билан билдирилган табрик, балки мамлакат ёшларига қаратилган ишонч, масъулият ва имкониятлар ифодаси сифатида баҳоланади. Мухтасар айтганда, нутқдаги аниқ таклиф ва режалар ёшлар учун амалий қадамлар, янги имкониятлар эшигини очиб беради.

Гулжан Халмуратова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.