«Amore Avenue» тўйхонаси имкониятлар маҳсули

777

«Ўзбекистонда ишбилармонлик ҳаракати ортга қайтмас катта кучга айланди. Биз давлат миқёсида ўз олдимизга қандай улкан мақсад ва вазифалар қўймайлик, уларни амалга оширишда бутун халқимиз билан бирга, аввало сизларга таянамиз. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи,» – деган эди Президентимиз тадбиркорлар билан учрашувда.

Давр талаби тадбиркорликни талаб этаётган бир пайтда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, Президентимиз томонидан қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди. Айниқса, Президентимизнинг 2023 йил 8 августда «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилиниши республикамизда тадбиркорлар учун катта имкониятлар эшиги бўлди. Ушбу фармон асосида жойларда фаолият юритаётган тадбиркорлар ўз ишини йўлга қўйиши билан бирга мўмай даромад топиб, халққа хизмат қилмоқда.

Тахиатош туманидаги «Жайхун савдо маркази» МЧЖ Президентимизнинг республикамизда фаолият юритаётган тадбиркорлар учун қабул қилган ҳуқуқий ҳужжатлари асосида банкдан имтиёзли кредит олиб, 540 ўринли «Amore Avenue» тўйхонасини қуриб битказади. Тўйхонага Хитой давлатидан келтирилган буюмлар орқали декорация чиройли қилиб безатилиб, ҳозирги вақтда аҳолига сифатли тўй хизматлари кўрсатилмоқда. Бу ерда йигирмадан ортиқ киши иш билан таъминланган.

– Ушбу савдо мажмуасида тўйхонадан ташқари мебель ва маиший техника буюмлари дўкони, сартарошхона, маринад  тайёрлаш хизмати ишлаб турибди. Ушбу савдо мажмуасини ишга тушириш орқали аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш билан бирга ишсиз ёшлар бандлигини таъминлашга эришяпмиз, – дейди савдо мажмуаси иш юритувчиси, тадбиркор Ғафур Якубов.

Г.Турдишова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги