Транспорт вазири “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиш жараёни билан танишди

312

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилоятига ташриф буюрди. Делегация аъзолари “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси доирасида Фарғона ва Қўш-Добо тоннелларини қуриш ишлари билан яқиндан танишди.

Мазкур тоннеллар “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишининг асосий иншоотлари ҳисобланади. Ҳар бир тоннелнинг узунлиги 12 км дан ошади.

Шунингдек, ишчи гуруҳ “Макмал” темир йўл станцияси ўрнида қурилиши режалаштирилган янги станция лойиҳаси ва қурилиш майдони ҳамда “Янги Жалолобод” темир йўл станцияси қурилиши лойиҳаси билан яқиндан танишди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йил 30 июнь куни Қирғизистонда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” халқаро темир йўлининг бутун узунлиги бўйлаб тўлиқ ҳажмдаги қурилиш ишлари расман бошланди. Ушбу лойиҳа энг мураккаб муҳандислик иншоотларидан бири ҳисобланиб, темир йўлларнинг 40 фоизга яқини тоннель ва кўприклар орқали ўтади.

Шунингдек, вазир И.Маҳкамов, Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазири ўринбосари А.Тургунбаев, “Қирғиз Темир Жолу” Миллий компанияси Бош директори ўринбосари Н.Арапбаев, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл компанияси бош директори Чжоу Синь ва ЕРС пудратчи ташкилотининг бош директори Чжан Эй Тао иштирокида қурилиш жараёни бориши муҳокама этилди. Тегишли масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ш.Маматуропова,

ЎзА