Филиалнинг янги биносидаги шароитлар билан танишди

308

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Филиал 300 ўриндан иборат бўлиб, аҳолига туну кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатади. Унда 150 нафарга яқин малакали шифокорлар, 400 нафарга яқин ўрта тиббиёт ходимлари беморларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва шифокорларни зарур тор соҳа мутахассислигига қайта тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бунда жарроҳ, нейрожарроҳ, травматолог, терапевт мутахассисликлари бўйича клиник ординатура ўқув дастури очилган.

Филиал 2025 йилдан бошлаб Давлат тиббий суғуртаси механизми бўйича молиялаштиришга ўтган.

2024 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 4 қаватли янги бино қуриб битказилиб фойдаланишга топширилди. Янги бино жами 130 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда алоҳида қабулхона (триаж тизимида), 60 ўринли жарроҳлик, 25 ўринли нейрожарроҳлик, 25 ўринли травматология, 20 ўринли гинекология, шунингдек, 7 та замонавий жарроҳлик хонаси, клиник-биокимёвий лаборатория, марказий стерилизация пункти ва қон банки бўлимлари аҳолига туну кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатади.

Сўнгги йилларда филиалнинг моддий-техник базаси етарли даражада мустаҳкамланган. Филиал янги ангиография, АИК, МСКТ, холтер, рақамли рентген, ФГДС, лапараскоп, УТТ, гемодиализ ва бошқа замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, беморларга сифатли шошилинч тиббий ёрдам ва кам инвазив, юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун етарли шароитлар яратилди. Филиални оғир аҳволдаги беморларга узлуксиз кислород билан таъминлаш мақсадида Кислород станциялари билан ҳам таъминланди.

Ангиография ускунасида замонавий диагностика амалиёти – коронография ва юрак ишемик касалликларида стентлаш амалиёти йўлга қўйилди.

Филиалда 2024 йилдан бошлаб очиқ усулда кардиожарроҳлик амалиётлари бажарилаётган юракда аорто-коронар шунтлаш операцияси бажарилиб келинмоқда.

Урологик беморларга замонавий эндоурологик жарроҳлик амалиётлари (трануретрал интраоптик уретеролитотрипсия, перкутант нефростомия, перкутант нефролитотрипсия, сийдик найини стентлаш) йўлга қўйилди.

Беморларга филиалда кам инвазивли лапароскопик жарроҳлик амалиётлари ўтказиш сўнгги йилларда кўпайган. (2023 йил – 954, 2024 йил – 1350).

Филиал марказлашган ҳолда замонавий телемедицина ускуналари билан жиҳозланган. Филиалда оғир ва даволаш-диагностика жараёнларида мураккаб муолажаларни талаб қиладиган беморларга Тошкент шаҳар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг малакали мутахассислари билан, Қорақалпоғистон Республикаси туман тиббиёт бирлашмаларидаги оғир беморларга филиал малакали мутахассислари билан телемедицина дастурида реал вақт режимида онлайн-маслаҳатлашув амалиёти жорий этилган.

Пресс-тур давомида иштирокчилар филиалда яратилган шароитлар билан танишиб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.