Ёш полвонлар Қоратеран бўйида беллашди

Тахтакўпир туманининг энг нуфузли «Қоратеран» экотуризм мажмуасида «Долзарб 90 кунлик» лойиҳаси доирасида болаларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказиш ва уларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида, 2006-2007 йилларда туғилган ёшлар ўртасида спортнинг миллий кураш тури бўйича «Тахтакўпир тумани ҳокимининг кубоги» мусобақаси ўтказилди.

Ҳақиқий спорт байрами сифатида ўтказилган мусобақада республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидан 14 та жамоа иштирок этиб, улар турли вазн тоифалари бўйича ўзаро беллашди.
Кескин курашларга бой бўлган беллашувлар якунида, умумжамоа ҳисобида Тахтакўпир туманининг ёш полвонлари бош совринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Майдон эгаларидан енгилиб қолган чимбойлик полвонлар фахрли иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Нукус шаҳри ва Нукус тумани жамоаси учинчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

– Мусобақада полвонлар 7 вазн тоифаси бўйича беллашди, – дейди чимбойлик полвонлар устози Саламат Данияров.- .-Аввал Қўнғирот тумани, кейин Нукус шаҳри жамоасини енгган бўлсак, финалда Тахтакўпир тумани полвонларига 4:3 ҳисобида ютқазиб қўйдик. Спортда куч билан бирга, омад ҳам алоҳида хизмат ўтайди. Бу сафар тахтакўпирлик полвонларга омад кулиб боқди. Олдиндаги мусобақаларда ғолибликни қўлдан бермасликка ҳаракат қиламиз.

Мусобақа якунида ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус кубок, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.