Ўзбекистонда 50 та глобал навигацион сунъий йўлдош тизими станцияси ишга туширилди

Маълумки, мамлакатимизда геоинформацион инфратузилмани такомиллаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва рақамли хизматлар сифати ҳамда қамровини кенгайтириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, “Миллий географик ахборот тизимини яратиш” инвестиция лойиҳаси доирасида 2018 йилда ишлар бошланган бўлиб, дастлабки босқичда 50 та глобал навигацион сунъий йўлдош тизими (ГНСС) станцияси ишга туширилди.
Мазкур станциялар дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан бири – Леиcа Геосйстемс компаниясининг ГР50 русумли юқори аниқликдаги қабул қилувчи қурилмалари билан жиҳозланган. Тизимда Спидер дастурий таъминоти ўрнатилган бўлиб, у 60 тагача станцияни марказлашган ҳолда бошқариш ва 500 тагача фойдаланувчини узлуксиз равишда улаш имконини беради.
Ҳозирги кунда ушбу дастур орқали Кадастр агентлигининг 50 та ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 10 та ГНСС станцияси самарали бошқарилмоқда. Тизим орқали реал вақт режимида 500 тагача абонентга юқори аниқликдаги геомаълумотлар асосида хизматлар кўрсатилмоқда.
Лойиҳанинг навбатдаги босқичида, яъни 2025-2026 йиллар давомида яна 80 та ГНСС станциясини харид қилиш ва уларнинг умумий сонини 130 тага етказиш режалаштирилган.
Мазкур жараён доирасида Кадастр агентлиги маблағлари ҳисобидан 80 та янги геодезия пункти қурилди ва замонавий талаблар асосида ускуналарни сақлаш хоналари тайёрланди. Шунингдек, уларни Ўзбекистон Республикаси давлат геодезия тармоғига интеграциялаш мақсадида зарурий ўлчов ва боғлов ишлари ҳам тўлиқ амалга оширилди.
Бу каби кенг кўламли ва тизимли чора-тадбирлар нафақат ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, балки рақамли иқтисодиёт, урбанизация ва инфратузилма лойиҳаларини илмий асосда бошқариш имконини беришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Ш.Маматуропова,
ЎзА