Озарбайжон Россия маданий тадбирларини бекор қилди

Кеча Россиянинг Екатеринбург шаҳрида полиция рейдларидан сўнг икки озарбайжонлик ҳалок бўлди. Бунга норозилик белгиси сифатида қардош давлат расмийлари РФ давлат ва хусусий муассасалари томонидан режалаштирилган барча маданий тадбирларни кечиктирди, деб ёзган «Euronews».
Озарбайжон Маданият вазирлиги ёзишича, концерт, кўргазма, фестиваль ва томошалар «Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Екатеринбургда этник асосда озарбайжонликларга қарши мақсадли ва судсиз қотиллик, зўравонлик ҳаракати» туфайли қолдирилган.
– Сўнгги пайт бундай ҳолатлар тизимли тус олди, – дейилган хабарда.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги «ишни зудлик билан текшириш, қабул қилиб бўлмайдиган бундай зўравонлик ҳаракати учун жавобгарларни имкон қадар тезроқ жазолаш»ни талаб қилмоқда.
Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари жума куни Урал тоғи этагидаги саноат шаҳарчасида озарбайжонликлар яшайдиган уйда рейд ўтказган. Натижада икки инсон ҳалок бўлган, бир неча киши оғир яраланган. Амалиёт чоғи тўққиз нафар озарбайжонлик ҳибсга олинган.
Мусулмон Зиё, ЎзА