Кегайлилик 2 ёшга янги уйнинг калитлари топширилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг замон талабига мос таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисида»ги қарори асосида юртимиздаги кўплаб ёшлар уй-жой билан таъминланиб, улар хурсандчиликка тўлмоқда.
Хусусан, 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Кегейли туманида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ана шундай икки ёшга «Янги Ўзбекистон» турар жой массивидан замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган 2 хонали уйнинг калитлари тантанали равишда топширилди.

Тадбирда туман ҳокими Айбек Камалов ва ҳудуд фаоллари иштирок этиб, янги уй эгаларини табриклади ва Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган бундай эзгу ишлар туманда яна давом этишини таъкидлади.
– Мана бугун бизлар Президентимизнинг бизлардек ёшларга кўрсатаётган оталарча ғамхўрлиги туфайли, шундай уйга эга бўлиб турибмиз, – дейди янги уй эгаси Сардор Эрназаров.-Бизларга кўрсатилаётган ғамхўрлик учун юртимиз раҳбариятига катта раҳмат айтамиз ва билдирилган ишончни тўлиқ оқлаш учун сидқидилдан хизмат қилаверамиз.
Республикамиз ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга кўрсатилаётган бундай қўллаб-қувватлаш, Юртбошимизнинг ёшларга кўрсатаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлигининг яна бир амалий ифодаси бўлди, десак адашмаган бўламиз.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги