Халқаро автомобиль йўли реконструкция қилинмоқда

245

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар каби, йўл қурилишида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарор ва фармонлар асосида йўлларни босқичма-босқич реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бундай бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳар ва қишлоқларимиздаги йўллар кенг ва равон бўлмоқда.

Айниқса, республикамиз ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобиль йўлининг ўтказувчанлигини ошириш мақсадида қилинаётган ишлар юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов билан биргаликда республикамизнинг Қораўзак ва Беруний туманлари ҳудудидан ўтувчи А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобиль йўлининг 673-698 км (25 км) да олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, йўл қурувчиларга ҳормасин айтди.

Ушбу йўл халқаро транзит имкониятларини кенгайтириш, транспорт оқимини яхшилаш, транспорт бошқарувчилари ва йўловчилар учун қулай шароитлар яратишга қаратилган.

Умумий қиймати 48,7 миллион доллар бўлган лойиҳа қурилиш ишларини сифатли олиб боришда халқаро консалтинг компаниялари жалб этилган бўлиб, ҳозирги вақтда махсус машина механизмлари ва ишчи-мутахассислар сафарбар этилган ва  қурилиш ишларини тез кунларда сифатли қилиб якунлаш учун қизғин ишлар олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги