«Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва қобилияти, интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширишга катта ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, халқ манфаати ва юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида:
- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли йигитларини фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари иловадаги рўйхатга мувофиқ маъқуллансин.
- «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланганларга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари тантанали вазиятда топширилсин.
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Мард ўғлон» давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг
50 баравари миқдорида пул мукофоти берилишини таъминласин. - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳибларининг ибратли фаолияти, уларнинг ноёб истеъдоди ва эришган ютуқларини кенг ёритиб бориш
тавсия этилсин. - Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ғ.Ғ.Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2025 йил 28 июнь
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2025 йил 28 июндаги
ПҚ–208-сон қарорига илова
«Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланганлар
РЎЙХАТИ
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича:
Хожабеков Батирбек Жолмурзаевич – Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ҳарбий қисми спорт гуруҳи йўриқчиси
(Қорақалпоғистон Республикаси)
Эшниязов Ислам Сапарбаевич – Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри саҳна устаси (Қорақалпоғистон Республикаси)