Гросси илк бор МАГАТЭ Бошқаруви кенгашини чақирди

МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси ваколати муддати давомида биринчи марта Агентлик Бошқарув кенгашини йиғди.
– Бу Эрондаги жиддий вазиятдан далолат, – деди РФнинг мазкур халқаро ташкилотдаги доимий вакили ўринбосари Роман Устинов “РИА Новости” мухбирига.
Йиғилишда АҚШнинг Эрон ядровий иншоотларига зарбаси мавзуси муҳокама қилинган.
– Ушбу навбатдан ташқари сессия кенгашга аъзо бирор давлат эмас, балки раҳбар ташаббуси билан чақирилди, – дейилган хабарда. – У айни ваколатга эга, аммо илк бор шундай йиғин ташкил этилгани вазият нечоғли жиддийлигини кўрсатмоқда. Бош директор Исроил ва АҚШ Эрон ядровий иншоотларига тўғридан-тўғри зарба бергандан кейинги вазият бутун ядровий қурол тарқатмаслик тизими учун ўта
оғир оқибатга олиб келиши ва шунинг учун баъзи қадамлар қўйиш зарурлигини таъкидлади.
– Табиийки, биз бу фикрни қўллаб-қувватладик, – дея вазиятга аниқлик киритган россиялик дипломат.
22 июнга ўтар кечаси АҚШ Эроннинг Натанз, Фордо ва Исфаҳондаги уч ядровий объектига зарба берди. Вашингтон ҳужум ядро дастурини йўқ қилиш ёки жиддий равишда заифлаштириш мақсадида уюштирилганига урғу берди. Ўз навбатида Эрон Атом энергияси ташкилоти Ислом Республикаси ядро саноати ривожланишдан тўхтамаслигини билдирди.
Айни пайт АҚШнинг ҳужуми халқаро миқёсда салбий акс садо берди. Масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш энди минтақада хавф авж олиб, халқаро тинчлик ва хавфсизликка бевосита таҳдид кучайишини тахмин қилмоқда. Россия ҳам АҚШ Эрондаги ядро иншоотларига зарба берганини кескин қоралади.
– Улар халқаро ҳуқуқ, БМТ Низоми ва Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини қўпол равишда бузмоқда, – дейилган РФ баёнотида. – Москва МАГАТЭдан воқеаларга холис муносабат кутади.
С.Раҳимов, ЎзА