Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш лойиҳалари бўйича суҳбат ўтказилди

490

Нукус туманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова раислигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова, банк соҳаси раҳбарлари ва туман фаоллари иштирок этди.

Тадбирда ҳудуддаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларга имтиёзли кредит бериш орқали ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари яқиндан кўмак бериши кераклиги таъкидланди. Шунингдек, ҳурматли Президентимизнинг 2025 йил 14 март кунги «Оила ва хотин-қизлар тизимини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-103-сонли қарорининг ижроси бўйича ишлар муҳокама қилиниб, келгуси вақтларда бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан режалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова тумандаги «Қиронтов» овул фуқаролар йиғинидаги «Оила ва хотин-қизлар маркази» фаолияти билан яқиндан танишди.

Марказнинг ташкил этилиши Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар – жамиятда оилавий қадриятларни асраш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва ёшларни эркин ҳаётга пухта тайёрлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Шу билан бирга, марказда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашга қаратилган лойиҳалар ҳақида маҳалла хотин-қизлари ва нуронийлар билан суҳбатлашди.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги