Янги даволаш усуллари ҳақида маълумотлар берилди

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш ва стратегик ривожланиш институти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 майдаги «Республикада Соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни босқичма-босқич давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, «Соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотларни амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талаблари ижросини таъминлаш мақсадида «Соғлом турмуш тарзини шакллантириш» мавзусида ўқув-семинарлари ўтказилмоқда.
Навбатдаги семинар Элликқалъа туманида Амударё, Беруний, Элликқалъа, Тўрткўл туман тиббиёт бирлашмаларининг масъул тиббиёт ходимлари учун ташкил этилди.
Семинарда аҳоли ўртасида I ва II хавф гуруҳига мансуб соғлом турмуш тарзи ва касалликлар профилактикаси бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Тиббиёт ходимлари эътибор қаратиши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, вазн индексини ҳисоблаш, қандли диабетнинг 2-тури ва юрак-қон томир касалликлари хавфини аниқлаш бўйича телеграм-ботлар ва мобил иловалар, шунингдек, «Саломат бўлайлик» платформаси, сунъий интеллект ёрдамчиси билан ишлаш усуллари тушунтирилди.

Тадбир иштирокчилари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги