Фидойи касб эгаларига юксак эҳтиром намунаси

Инсон қадри энг олий қадрият ҳисобланган мамлакатимизда барча соҳалар каби, суд-ҳуқуқ тизимида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилиб, сўнгги 8 йилнинг ўзида судларга оид 70 га яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларнинг моддий-техник базаси яхшиланди.
Албатта, соҳада яратилган бундай кенг шароит ва имкониятлар халқимиз муаммоларини тўғри ҳал этиб, адолатни қарор топтиришда муҳим хизмат қилиб келмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг ўзида мамлакатимиз судларида 3 миллиондан ортиқ масала кўриб чиқилган. Бу эса, сўнгги йилларда халқимизнинг ҳуқуқий онги ўсиб бораётганининг яққол далилидир.
2024 йил 1 ноябрь санасидан бошлаб эса, судларнинг ички ҳужжат айланиши тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, натижада давлат бюджетидан ажратиладиган кўп миқдордаги маблағлар тежалди.
Суд органида олиб борилаётган бундай кенг кўламдаги ўзгаришларни кенг жамоатчиликка эълон қилиш ва тўғри тарғибот-ташвиқотида оммавий ахборот воситалари ходимларининг бажараётган хизматлари алоҳида.
Қорақалпоғистон Республикаси судида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси Камал Тарийхов, Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий ишлар бўйича судининг раиси Амир Нурлипесовлар матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан табриклаб, уларнинг машаққатли ва эзгу ижодий ишларига муваффақиятлар тилади ҳамда Президентимиз раҳбарлигида Суд органининг очиқлигини таъминлаш йўлидаги қилинаётган янгиланишларга ўзларининг ижобий фикрларини билдирди.
Ўтказилган тадбирда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида эришилаётган амалий натижаларни, шу жумладан, одил судлов, инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш йўналишида республикамиздаги судлар томонидан амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка холис етказишдаги фаол хизматлари учун бир гуруҳ соҳа фидойилари Қорақалпоғистон Республикаси судининг Миннатдорчилик хати ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ўз навбатида тадбир иштирокчилари ҳам ўзларига кўрсатилаётган бундай юксак ҳурмат ва эътибор учун, ташкилотчиларга чуқур миннатдорлик билдирди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси