Матбуот анжумани байрамга уланиб кетди

Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармасида 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида бажарилган ишлар бўйича матбуот анжумани ҳамда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда бошқарма бошлиқлари, соҳа мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Анжуманда бош бошқарма бошлиғи Умрбек Матназаров сўзга чиқиб, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, хусусан, қурилиш-таъмирлаш ишлари, Ташаббусли бюджет доирасидаги лойиҳалар ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, сана муносабати билан тадбирда иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакилларини байрам билан табриклаб, уларнинг ишларида муваффақиятлар тилади.
Шундан сўнг савол-жавоблар бўлиб ўтиб, унда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутасаддилардан тегишли жавоблар олди.
– Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида йўл қурилиши соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Халқаро йўллардан тортиб, энг чекка ҳудудларга олиб борувчи йўллар, шунингдек, маҳаллалардаги кўчаларда ҳам янгиланишлар амалга оширилиб, йўллар қурилмоқда ва қайта таъмирланмоқда. Бу рўй бераётган ижобий ўзгаришларнинг барчасини ёритиб, халққа етказиб боришда оммавий ахборот воситалари вакилларининг ўрни, хизматлари беқиёс. Бугунги анжуманда соҳадаги ўзгаришлар, бажарилган вазифалар, муаммолар ва амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритилди. Келгусида ҳам соҳа вакиллари билан ҳамкорликда ишлаб, иш самарадорлигини кўрсатиб боришга ҳаракат қиламиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармаси матбуот котиби Дилшодбек Жумамуратов.
Тадбир давомида 27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситаси ходимлари куни муносибати билан соҳа вакилларига байрам совғалари ва дипломлар топширилиб, уларнинг ишларида муваффақиятлар тилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги