Юксак эътибор ва ҳурматнинг ёрқин ифодаси

350

Сўнгги йилларда республикамизда халқ хўжалигининг барча соҳалари каби, транспорт соҳасида ҳам кўплаб йирик ўзгариш ва янгиланишлар рўй бермоқда. Хусусан, халқимизнинг оғирини енгил қилиш мақсадида, шаҳар ва қишлоқларимизга замонавий жамоат автотранспортлари олиб келиниб, ҳудуд аҳолисига сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Темир йўл ва фуқаро авиацияси соҳасида ҳам янги йўналишлар очилиб, аҳоли учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Соҳада олиб борилаётган бундай ўзгариш ва янгиланишларни кенг жамоатчиликка таништиришда оммавий ахборот воситалари ходимларининг қилаётган меҳнати алоҳида ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлигида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазири Парахат Қайипов матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан табриклаб, уларнинг машаққатли ва эзгу ижодий ишларига муваффақиятлар тилади ҳамда бир гуруҳ соҳа фидойиларини вазирликнинг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.



Ўз навбатида журналист ва блогерлар ҳам ўзларига кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ҳурмат учун тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам транспорт соҳасида юз бераётган янгиликларни оммавий ахборот воситаларида холис ва тезкор етказишда сидқидилдан хизмат қилишларини таъкидлади.

— Шуни алоҳида айтиб ўтишимиз керак, Қорақалпоғистон телеканали ходимлари транспорт соҳасида юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришларни тез-тез эълон қилиб келмоқда,-дейди телеканал журналисти Ҳамида Султамуратова.-Бу материаллар орасида фақат мақтов сўзлар билан эмас, балки, ҳудудларда юз бераётган муаммолар ҳам танқидий нуқтаи назардан жамоатчиликка етказилмоқда. «Танқид тузалмай, айб тузалмайди» деганларидек, соҳа раҳбарлари ва масъул ходимлари журналистларнинг ёритган танқидий чиқишларига ўзларининг тезкор муносабатини билдириб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилмоқда. Мана бугун 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ журналист-блогерлар сингари, мени ҳам учрашувга таклиф қилиб, байрамда рағбатлантираяпти. Бунинг учун вазирлик раҳбарларига ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Келгусида вазирлик билан шундай ўзаро ҳамкорлик давом этади деб ўйлайман.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси