Миграция масалалари муҳокама қилинди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ноқонуний миграцияга қарши курашиш масалалари бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Россия ИИВ Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полиция генерал-майори Виталий Яковлев ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Шуҳрат Хўжаев иштирок этди.
Томонлар икки мамлакатдаги миграция билан боғлиқ ҳолат, миграция қонунчилигига киритилган ва киритилиши режалаштирилаётган ўзгаришлар тўғрисида маълумот берди.
Россия Федерациясида бўлиш муддатини бузган чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақомини тартибга солиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Россия делегацияси вакиллари ўзбекистонлик ҳамкасбларини бу борада аҳоли ўртасида ахборот-тарғибот ишларини кучайтиришга чақирди.
Миграция қонунчилигини бузган ҳолда Россия ҳудудида бўлиб турган чет эл фуқаролари 10 сентябрга қадар ўз мақомини тартибга солиши мумкинлиги қайд этилди.
Музокаралар чоғида томонлар чет эл фуқароларига нисбатан миграция назоратини амалга ошириш, шу жумладан, Давлатлараро ахборот банкини ўз вақтида ва сифатли тўлдириш юзасидан фикр алмашди.
Ишчи гуруҳининг кейинги қўшма йиғилиши 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА.