Ёш авлод тадбиркорларининг муваффақиятлари

Беруний туманида яшовчи ёш ва иқтидорли тадбиркор Нодирбек Атабаев бугунги кунда ўз меҳнати, шижоати ва ташаббускорлиги билан тенгдошларига ибрат бўлиб келмоқда.
Хитой давлатида таҳсил олган ва у ерда замонавий тадбиркорлик асосларини чуқур ўзлаштирган Нодирбек ҳозирда ўз юрти равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Дастлаб қуёш панелларини ўрнатиш орқали экологик тоза энергия манбаларини тарғиб қилган бўлса, бугунги кунда фаолият доирасини янада кенгайтирган.
Ёш тадбиркор томонидан шаҳар марказида ташкил этилган хизмат кўрсатиш маркази қисқа фурсат ичида аҳоли эътиборини қозонди. Замонавий талаблар асосида жиҳозланган, шинам ва кўркам ушбу маскан нафақат қулай хизмат, балки янги иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда бу ерда 5 нафар ёш доимий иш билан таъминланган. Улар мижозларга юксак сифатли хизмат кўрсатишни мақсад қилганлар.


Қиёт маҳалласи фаоллари, нуронийлар янги очилган ушбу масканга ташриф буюриб, ёш тадбиркорнинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар. Улар Нодирбек Атабаевнинг фаолиятига оқ фотиҳа бериб, ёшларга ўрнак бўладиган ташаббус сифатида эътироф этдилар.
Бугунги кунда бундай ташаббускор, билимли ва интилувчанг ёшларга берилаётган эътибор натижасида маҳаллаларда тадбиркорлик муҳити шаклланмоқда, аҳоли бандлиги таъминланмоқда ва иқтисодий фаоллик ошиб бормоқда. Нодирбек Атабаев каби ёшлар эса бу йўлда етакчи сифатида намоён бўлмоқдалар.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги