Гиёҳванд нафақат ўзига, балки оиласига, жамиятга катта зарар етказади

26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни
Сарвар 25 ёшда. У ота-онасининг ёлғиз фарзанди. Шу боис, ота-онаси уни еру кўкка ишонмай катта қилган. Мактабда ҳамма ўртоқлари унга ҳавас билан қарарди. Биринчи марта 20 ёшида дўстлари унга “бир марта синаб кўриш”ни таклиф қилади. Сарварнинг оғуга бир марталик қизиқиши уни 5 йиллик қийноққа солади. Психолог ва шифокорларнинг ёрдами, ота-онасининг қўллаб-қувватлаши туфайли у соғлиғини қайта тиклади ва оғу домидан қутилди.
Ҳаётда Сарвар каби ҳолатга тушиб, боши берк кўчага кириб қолган, унинг таъсиридан қандай қилиб қутулишни билмай юрганлар қанча! Ахир гиёҳванд одам нафақат ўзига, балки оиласига, жамиятга катта зарар етказади. Унинг оқибати яхшилик билан тугамайди.
Хўш, аср вабоси деб қаралаётган оғу домидан бутунлай қутулиш мумкинми? Бунинг учун қандай чора-тадбирларга таяниш, кимлардан қандай ёрдам олиш зарур?
Гиёҳвандга айланган одам нафақат ўзига, балки оила аъзолари, атрофидаги яқинларига ҳам зарар етказади. Бу зарар нафақат моддий, балки руҳий, ахлоқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам оғир оқибатларга олиб келади.
Гиёҳванд инсон асабий, тоқатсиз ва руҳий беқарор бўлади.
Шу боис уйда жанжаллар, зўравонлик кўпаяди. Бу эса эр-хотин ўртасида ажримга олиб келади. Энг оғриқли томони гиёҳванд ота-онанинг фарзанди руҳий босимда, қўрқув ва тушкунликда ўсади. Атрофдагилар ҳам бундай оилалардан узоқроқ юришга ҳаракат қилади.
Одамларнинг гиёҳванднинг боласи деган қараши фарзандлар келажагига салбий таъсир кўрсатади.
– Гиёҳванд модда истеъмол қилишга ружу қўйган одамга энг биринчи навбатда психолог ёрдами зарур, – дейди психолог Нозима Носирова. – Психологлар кўп такрорлайдиган бир жумла бор: “Жисмоний тозаликсиз фойда йўқ, лекин руҳий тозаликсиз тикланиш бўлмайди.” Бундай беморларга энг аввало, муомала қилишлари учун янги одамлар, машғулотлар, имкони бўлса яшаш жойини ўзгартириш тавсия этилади.
Спорт, сузиш, севган мусиқасини тинглаш, табиатда кўпроқ сайр қилиш, болалар билан вақт ўтказиш каби машғулотлар унга яхши ёрдам беради. Волонтёрлик ҳам руҳий азобда юрган инсонни ички зўриқиш, оғриқлардан бироз бўлса-да чалғитади. Кўпчилик гиёҳвандликдан қутулиш қийин, деб ўйлайди. Шифокорлар эса ундан бутунлай халос бўлиш мумкинлигини баралла айтади. Бунинг учун энг аввало, беморнинг яқинларидан ҳолатни бекитмаслик, дарҳол шифокор кўригига олиб бориш тавсия қилинади. Касаллик қанча кўп бекитилса, авж олиб, уни даволаш қийинлашади. Яъни бемор тамоман оғунинг қулига айланади. Шу сабабли касалликнинг илк белгиларини сезган заҳотиёқ беморни даволаш, унга ёрдам бериш, ҳаётини қутқариб қолиш чораларини кўриш керак.
Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши кураш ва даволаш соҳасида фаолият юритувчи наркология муассасалари таркибида диспансерлар, реабилитация марказлари ва реанимация бўлимлари мавжуд. У ерда кўплаб нарколог-шифокорлар, психологлар фаолият юритади. Уларга мурожаат қилиб касалликдан фориғ бўлиш йўлларини излаш керак. Чунки гиёҳвандлик даволаб бўлмайдиган дард эмас.
Н.Раҳмонова, ЎзА