Ўзбекистон ва Қозоғистон геология соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Қозоғистон Республикаси Қурилиш ва саноат вазири ўринбосари Иран Шархан бошчилигидаги расмий делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар геология ва кончилик соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, илмий-тадқиқот йўналишларида тажриба алмашиш ва истиқболли қўшма лойиҳалар хусусида сўз юритди.
Қозоғистон делегацияси аъзолари Тошкент шаҳрида ўтказилаётган “Minex Central Asia 2025” форуми юксак савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлаб, мазкур тадбир Ўзбекистонда геология ва кончилик соҳасига қаратилаётган эътибор ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ёрқин ифодаси эканини қайд этди.
Ўз навбатида, мезбон томони сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатлар барқарор ривожланаётганини, жумладан, геология ва кончилик йўналишидаги ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, унда қўшма тадқиқотлар, замонавий технологияларни жорий этиш, малака ошириш дастурлари ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Ташриф доирасида қозоғистонлик меҳмонлар Геология фанлари университети фаолияти билан яқиндан танишди. Унда университетнинг илмий лабораториялари, таълим жараёнлари ва халқаро ҳамкорлик йўналишларига катта қизиқиш билдирилди.
Шунингдек, делегация “Геология музейи” давлат муассасасига ташриф буюриб, у ердаги бой минералогик коллекциялар, илмий экспозициялар ва соҳанинг тарихий ривожини акс эттирувчи кўргазмалардан катта таассурот олди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида томонлар геология ва кончилик соҳасидаги ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш, мунтазам мулоқот ва тажриба алмашувни йўлга қўйиш борасида келишиб олди. Бундай мулоқотлар икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим омил экани қайд этилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА