Бу йилги қабулда қандай ўзгаришлар бор?

238

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар учун 2025-2026-ўқув йили учун қабул жараёнига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда институт ректори Қ.Қодиров жорий йилги қабул жараёнидаги муҳим янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул бўйича имтиҳонлар «аввал тест, кейин танлов» тамойили асосида бир вақтда ўтказилиши белгиланди.

Абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнгра профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.

Институт ректори жорий йилда давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни 2 босқичда амалга оширилиши, алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига қабул учун касбий (ижодий) имтиҳонлар институтнинг ўзида, шунингдек, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари Таълимни баҳолаш агентлиги томонидан ажратилган жойларда ўтказилиши белгиланганлиги, уларни ташкил этиш бўйича юқори даражада тайёргарликлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Шунингдек, қабул жараёнини юқори даражада ташкил этиш, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига муҳим маслаҳатлар, ҳуқуқий йўл-йўриқлар, соҳадаги янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида тўлиқ маълумот бериш мақсадида институтда қабул комиссияси ва унинг таркибида маслаҳат ҳамда колл-марказлар фаолияти йўлга қўйилганлиги, ушбу марказлар ҳар куни соат 09:00 дан 18:00 гача доимий фаолият юритиб келаётганлиги бўйича маълумот берилди.

Тадбирда қабул жараёнидаги янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Тадбирда институт ректори Қ.Қодиров барча иштирокчи журналист ва блогерларни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами билан табриклади ва ижодий ишларида муваффақиятлар тилади.

Байрам кечасида мамлакатимизда олий таълим соҳасида, жумладан, институтда амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги ислоҳотлар натижаларини халқимизга юксак ижодий маҳорат билан етказишда фидокорона хизмат қилаётган журналистлар, техник ходимлар, блогерларга институт ректорати ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида тузилган жамоавий шартнома асосида байрам совғалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.






Ўз навбатида, ижодкор касб эгалари байрам арафасида кўрсатилаётган бундай эътибор учун институт жамоасига миннатдорлик билдирди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги