Иқтисодий барқарорликни таъминлашда халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

307

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Америка Қўшма Штатларининг “Citi” банки мижозлар бўйича директори Девид Ливингстон бошчилигидаги делегация аъзолари ўртасида учрашув ўтказилди.

Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, амалга оширилган лойиҳалар натижаларини баҳолаш ва келгусидаги устувор йўналишларни белгилаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистондаги иқтисодий ривожланиш жараёнлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашувда томонлар бир қатор муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарни ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини оширишга кенг урғу берилди.

Мулоқот чоғида электр таъминоти сифатини яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди. Хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам алоҳида тилга олинди.

Шунингдек, халқаро суверен рейтинг агентликлари билан ҳамкорликни кучайтириш, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлаш ва инфляция даражасини пасайтириш ҳамда иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида тажриба алмашиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур банк АҚШдаги энг йирик банклардан бири бўлиб, у Citigroup Inc. молиявий холдинг компанияси таркибига киради. Банк халқаро миқёсда молиявий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган ва жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ўз филиалларига эга.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва юқоридаги йўналишларда доимий мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА